Рим шаҳрида Ўзбекистон ва Ҳуқуқни ривожлантириш халқаро ташкилоти ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди
Ўзбекистон элчиси Абат Файзуллаев Ҳуқуқни ривожлантириш халқаро ташкилоти (IDLO) бош директори Ян Бигл билан учрашув ўтказди.
Ян Бигл хоним сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга юксак баҳо бериб, турли соҳаларда, хусусан, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги, иқтисодий тараққиёт ва соғликни сақлаш йўналишида ҳуқуқни ривожлантириш масалаларида ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёрлигини маълум қилди.
Ташкилот раҳбари, шунингдек, Ўзбекистон билан қисқа фурсат ичида бўлган ҳамкорлик натижасида бугунги кунда мамлакатимиз қонунчилигига қатор ижобий ўзгартириш ва янгиликлар киритилаётганини мамнуният билан эътироф этди.
Томонлар ҳуқуқни ривожлантириш борасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларининг истиқболлари юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
IDLO дунёда ҳуқуқни ривожлантириш ва уни қўллаш борасида қатор лойиҳаларни амалга ошириб, бу борада мутахассисларнинг билим ва салоҳиятини оширишга яқиндан кўмак бериб келмоқда.
Ҳуқуқни ривожлантириш халқаро ташкилоти қонун устуворлигини қўллаб-қувватлаш, мамлакатларга ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширишда ёрдам кўрсатиш масалалари билан шуғулланувчи ягона ҳукуматлараро ташкилот ҳисобланади. Ҳозирга қадар 38 та давлат IDLOга аъзо бўлган.